Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади

Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади. Айни пайтда мазкур нуфузли тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Қўқон аҳли ўзининг нафис санъати, машҳур ҳунармандчилик мактаби ва адабий муҳити, маърифат ва юксак маънавияти билан ном қозонган. Унинг тарихи ҳақидаги илк ёзма маълумотлар милоддан аввалги II асрнинг бошларида бу ерга келган хитойлик сайёҳ Чжань Цянь битикларида учрайди. У водийда Давань давлати борлиги, бу давлатнинг маркази, улуғвор шаҳар мавжудлиги хусусида ёзиб қолдирган. Археологлар Давань давлатининг катта кентларидан бири Қўқон шаҳри ўрнида бўлганини аниқлаган. Кейинги йилларда археолог олимлар томонидан Қўқон шаҳри ва унга яқин жойларда олиб борилган қазишма ишлари натижасида шаҳар остида олис тарихга оид маданий қатламлар топилган.

Буларнинг ҳаммаси шаҳарнинг ёши 2 минг йилдан кам эмаслигини кўрсатади. Шаҳар номининг келиб чиқиши тўғрисида олимлар турли хил фикрлар билдиради. Истахрий ва Ибн Ҳавқал асарларида “Ҳавоканд“ (Ҳўканд) шаклида, яъни “гўзал“, “ёқимли“ ёки “шамол шаҳри“ маъносида учрайди. Кейинги асрларда “Ҳўқанди латиф“ деган атама ҳам ишлатилган. Ундан ташқари “баландликдаги шаҳар“, қадимги Хитой қўлёзмаларида Қўқон номи “Гуйшан“, “Хўхан“ тарзида ифодаланган. Айни кунларда Қўқон шаҳри янада чирой очиб, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.

– Мазкур халқаро фестиваль халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб қилиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга, – деди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов. – Шунинг учун ҳам уни юқори савияда ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган Ўрда хиёбони бутунлай янги қиёфа касб этаётир. Шунингдек, 10 янги меҳмонхона қурилмоқда, фестиваль дастурининг ранг-баранг бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фестивалда юзга яқин давлатлардан меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар учун янги туристик йўналишлар ишлаб чиқилмоқда, бунда ҳунармандчилик маҳсулотларини тарғиб этишга муҳим эътибор қаратилади. Шу мақсадда ҳунармандчилик маркази барпо этилмоқда, 12 маданий мероc объектида эса таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Сариққамиш, Пўстиндўз, Абдулла Қодирий ва Шароф Рашидов кўчаларида ҳам ободонлаштириш ва кенгайтириш ишлари билан биргаликда, 110 кўп қаватли уй миллий услубда таъмирланмоқда. Шаҳар ички йўлларини таъмирлаш ишлари учун 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, бу борадаги ишлар ҳам сифатли олиб борилмоқда. Бундан ташқари, шаҳарнинг 24 кўчасига ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортилди.

Шунингдек, “Қўқон нонлари“, “Хўқанди латиф ҳунармандлари“, “Адрас матолар ва миллий дўппидўзлик“, “Қўқон таомлари ва ширинликлари“, “Мева ва полиз экинлари“ каби тадбирларни ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда. Фестивални халқаро миқёсда таништириш мақсадида шаҳардаги тарихий обидалар ва йўналишлар “Google Maps” хариталар дастурига киритилмоқда. Шу билан бирга, тез кунларда “Wikipedia”га Халқаро ҳунармандчилик фестивали, Қўқон шаҳри ҳунармандчилиги, тарихий обидаларига доир муҳим ва қизиқарли маълумотлар ҳам жойлаштирилади.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА